ИШИД жангарилари Мосул шаҳрининг марказий қисмида Ироқ полициясининг олти нафар катта офицерини қўлга олди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
Ироқ федерал полиция хизмати вакили Саад ал-Лайтийнинг маълум қилишича, полиция офицерлари, шу жумладан, бригада генерали ўтган ҳафта ИШИДдан озод этилган ҳудудда пистирмада ўтирган жангарилар томонидан асир олинган.
Полиция вакилининг сўзларига кўра, ушбу ҳудудга назорат қилиш мақсадида келган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари патронлари қолмагунига қадар ўқ отган.
Айни дамда Ироқ хавфсизлик кучлари Мосулнинг Эски шаҳар қисмидаги даҳаларни жангарилардан озод қилмоқда. Полиция маълумотларига кўра, ҳарбийлар ИШИД назоратида бўлган «Ан-Нурий» жомеъ масжидига қадар етиб келган.
Мутахассислар фикрича, ушбу масжидни озод қилиш муҳим аҳамият касб этади. Негаки, 2014 йил 29 июнь куни ИШИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий айнан шу ерда Мосулда халифалик ташкил этилганини эълон қилган эди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)