Грузия президенти Георгий Маргвелашвили мамлакат аҳолиси суҳбатларини сирли равишда эшитиш учун оператив-техник агентлик ташкил этишни кўзда тутувчи «Махфий эшитишлар» тўғрисидаги қонун лойиҳалари пакетига вето қўйди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар бермоқда.
Грузия парламенти мухолифат ва қатор нодавлат ташкилотлар норозилигига қарамай, ҳужжатлар тўпламини 1 март куни маъқуллади. Ушбу ҳужжатларга биноан агентлик интернет-трафикни кузатиш, почта ва телеграф орқали юборилган хабарларни назорат қилиш билан шуғулланиши мўлжалланган.
«Мен эшитиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини тегишли мулоҳазалар билан парламентга қайтараман», — деди президент. У лойиҳаларга вето қўйишга сиёсий партиялар билан маслаҳатлашувлардан сўнг қарор қилганини маълум қилди.
Грузия президенти қонун нормаларининг маълум қисми мамлакат Конституциясига зид эканлигини таъкидлади.
Қонун лойиҳаларига кўра агентлик фаолияти парламент ва бош вазир томонидан назорат қилиниши кўзда тутилган. Шу билан бир вақтда, фуқароларни кузатиш фақатгина прокурор талаби ёки Олий суд буйруғига биноан суд розилиги билан олиб борилиши мумкинлиги белгиланган.
Изоҳ (0)