АҚШнинг Мэриленд шаҳрида яшайдиган 29 ёшли Жон Рейн Ривелло 2016 йилнинг декабрь ойида Twitter ижтимоий тармоғи орқали эпилепсия (тутқаноқ) билан касалланган ёзувчи Курт Эйхенвальдга пирпирайдиган хабар (твит) жўнатгани учун ҳибсга олинди, деб ёзади TJournal.
The New York Times’нинг қайд этишича, Жон Ривелло қилмиши учун 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Тутқаноқдан кейин ёзувчи бир неча кун ҳаракатсиз юрди, чап қўли сезишдан тўхтади ва нутқида муаммоларга дуч келди.
Жон Ривеллонинг твитини қуйидагича таржима қилиш мумкин: «Сен ёзган постларинг учун тутқаноққа лойиқсан».
Терговнинг аниқлашича, ҳибсга олинган эркак режалаштирилган ҳужумни Twitter’даги бошқа фойдаланувчилар билан муҳокама қилиб, Эйхенвальднинг ўлиш-ўлмаслиги ҳақида ўйлаган. Тергов, шунингдек, Ривелло «Epilepsy.com» сайти орқали тутқаноқни келтирадиган омилларни ўрганиб чиққанини аниқлади.
Жабрланувчининг сўзларига кўра, нохуш ҳодисадан кейин унга яна 40 нафарга яқин киши пирпирайдиган анимацияли хабарлар жўнатган.
Уюштирилган ҳужум сабаблари ҳозирча ошкор қилинмаяпти. Аммо Эйхенвальд Twitter орқали АҚШ президенти Дональд Трампни доимий равишда танқид қилиши ҳужумларга сабаб бўлгани тахмин қилинди.
Курт Эйхенвальд Newsweek ва Vanity Fair журналлари билан ҳамкорлик қилади. Шунингдек, у бир қатор китоблар, жумладан, «Ахборотчи» ва «Уолл-стритнинг қумли қасри» китоблари муаллифи ҳисобланади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)