Қаршининг «Насаф» футбол клубига қарашли стадион реконструкция қилинмоқда, деб ёзди жамоа матбуот хизмати. Шу боисдан ҳам Рўзиқул Бердиев бошчилик қилаётган жамоа Чемпионлар лигасидаги ўйинини «Бунёдкор» стадионида ўтказганди.
Маълум қилинишича, стадионга янги чим ётқизиш ишлари бошланган. Бунда қаршиликлар Kentucky blue grass маркасидан фойдаланаётган бўлиб, у маҳаллий иқлимдан келиб чиқиб танланган.
Чимни ётқизишда жамоа футболчилари ва мураббийлар штаби фаол иштирок этмоқда. Бу ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан илиқ қарши олинган.
Маълумот учун, «Локомотив» футбол клубининг Чемпионлар лигаси доирасидаги ўйинидан кейин Саламат Қутибоев стадионни Ўзбекистондаги энг яхшиси деган бўлса, «Ал-Аҳли» футболчиси «Локомотив» стадиони чимини талабга жавоб бермайди деб топганди.
Кейинроқ эса Осиё қитъасининг энг яхши футболчиларидан бири бўлган Умар Абдулраҳмон «Бунёдкор» стадиони чимида голини нишонлашни ният қилиб, сал қолса тиззаси билан тупроққа қадалиб қолай деганди. Аввалроқ «Бунёдкор» стадионининг чими борасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчилари ҳам танқидий фикрлар билдирганди.
«Насаф» стадионида чим сифати қандай бўлишини яқин вақт ичида билиб олиш мумкин.
Изоҳ (0)