Буюк Британия ҳукумати 22 июль куни ноқонуний одам контрабандасида қатнашган шахсларга нисбатан янги санкциялар режими жорий этилишини маълум қилди. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.

Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, Буюк Британияга одамларни контрабанда йўли билан олиб киришга ёрдам берган ҳар қандай шахснинг активлари музлатиб қўйилади ва Британияга саёҳат қилиши тақиқланади. Бу қарор мамлакат ташқи ишлар вазири Девид Лемми томонидан эълон қилинди.
Ушбу санкциялар бугун, 23 июлдан бошлаб амал қилиши режалаштирилган. Унга кўра, нафақат ноқонуний контрабанда билан шуғулланувчи шахсларга, балки уларнинг ёрдамчиларига, масалан, қайиқ сотиш билан шуғулланувчи компанияларга ҳам қарши чоралар кўрилади.
“Санкциялар дунёнинг исталган нуқтасидаги шахсларни қамраб олади ва уларнинг шахси оммага ошкор қилинади. Шу тариқа, Буюк Британия молия тизими ҳуқуқбузарлар билан ҳар қандай алоқанинг олдини олади”, дейилади баёнотда.
ТИВга кўра, одам контрабандаси ва савдоси глобал хавфсизликка жиддий таҳдид солиши боис ҳукумат мамлакат чегараларини янада яхшироқ ҳимоя қилиш учун асосий ҳамкорлар, жумладан, Европа Иттифоқи билан муносабатларни мустаҳкамлаш устида ишламоқда.
Маълумот учун, 2024 йилда Буюк Британияга келган мигрантлар сони 860 мингни ташкил этган. Бу рақам 2025 йилнинг якунига бориб 431 мингга пасайиши прогноз қилинмоқда. Бу аввалги йилга нисбатан деярли 50 фоизга камайиш дегани. Ушбу пасайиш, асосан, ишчи ва талаба визаларига бўлган талабнинг камайгани; талаба ҳамроҳларининг виза олишига чекловлар жорий этилгани; ва эмиграция даражаси ошгани туфайли юзага келмоқда.
2021 йилги маълумотларга кўра, Британияда Ўзбекистонда туғилган 2,864 нафар ўзбек фуқаролари истиқомат қилган. Бирлашган Қироллик 2023 йилда ўзбек фуқароларига 4 мингга яқин виза берган.
Изоҳ (0)