Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда «Баҳор нафаси» халқаро санъат фестивали ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Июнь ойига қадар давом этадиган ушбу ижодий лойиҳада Ўзбекистоннинг етакчи бадиий жамоалари, оркестрлар, театрлар, ашула ва рақс ансамбллари билан бирга АҚШ, Болгария, Германия, Россия, Озарбайжон каби давлатларнинг ижодий жамоалари, хонанда ва созандалари, мусиқа санъати соҳасида таълим бераётган профессор-ўқитувчилари ҳам иштирок этади.
Фестиваль тадбирлари пойтахтдаги «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар, «Истиқлол», «Туркистон», Мусиқа саройлари, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театри, маданият ва истироҳат боғлари билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлардаги театрлар, музейлар, санъат кошоналарида, маданият саройларида ҳам ўтказилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон миллий симфоник, «Туркистон», «Сўғдиёна», «Ўзбекистон солистлари», Давлат академик халқ чолғулари, Миллий эстрада, Ёшлар симфоник оркестрлари, Республикада хизмат кўрсатган хор жамоаси жаҳон ва ўзбек композиторларининг энг сара асарларидан иборат концертларни мухлисларга тақдим этади. Ўзбекистон бадиий жамоалари ижодий бирлашмаси, қатор ашула ва рақс, мақом ансамбллари, рақс гуруҳлари миллий мусиқа ва рақс санъатидан намуналарни томошабинлар эътиборига ҳавола этиши кўзда тутилган.
Санъат байрами доирасида кўп овозли ансамбл ва оркестрлар иштирокидаги «Наврўз садолари», ёш опера хонандаларининг «Ёшлик баҳори», умрбоқий қадриятларга оид «Онам айтган аллалар», фолклор санъатига бағишланган «Бойсун баҳори», «Нурли наволар» каби фестиваллар ҳам ўтказилади. Шунингдек, дастурдан «Дўстлик кўприклари», «Наврўз келди», «Хоразм наволари», «Кўклам нафаси», «Кексалар эъзозда» деб номланган концерт дастурлари ҳам ўрин олган.
Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлардаги театр жамоалари ҳам томошабинларга ўз спектаклларини тақдим этади.
Халқаро санъат фестивали доирасида Ўзбекистон давлат санъат музейи ва Ўзбекистон амалий санъати музейида «Баҳор нафаси», «Зардўзлик», «Олтин қўллар» кўргазмалари, мусаввир Чингиз Аҳмаров ижодига доир «Юксак маҳорат соҳиби» номли бадиий кўргазма ташкил этилади.
«Баҳор нафаси» халқаро санъат фестивалининг илк тадбирлари Ўзбекистон миллий симфоник ҳамда «Туркистон» камер оркестрларининг концертлари билан бошланди.
Изоҳ (0)