Нидерландия ҳукумати мамлакатга ер усти транспорти орқали Германиядан келиб, Роттердамдаги Туркия бош консулхонасига кирмоқчи бўлган Туркиянинг оила ва ижтимоий сиёсат масалалари бўйича вазири Фатма Бетул Саян Каяни мамлакатдан ҳайдаб юборди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
«Барча демократик ва умуминсоний қадриятларни оёқости қилиб, мени Нидерландиянинг Неймеген шаҳри орқали Германияга юборишмоқда. Бутун Туркия фуқаролари номидан ушбу қарорни қоралайман», — деб ёзди у Twitter’га.
Вазир дунё ҳамжамиятини Нидерландия ҳукумати хатти-ҳаракатларига реакция кўрсатишга чақирди ва уларни «фашистларга хос» деб атади ҳамда аёл вазирга нисбатан бундай муносабат номақбул эканлигини айтди.
Бу орада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг бир неча юзлаб тарафдорлари Роттердамдаги Туркия элчихонаси яқинида акция ўтказди. Намойишчиларни тарқатиш учун маҳаллий ҳукумат отлиқ полиция ва сув автоматларини ишга солди.
Нашр эслатишича, аввалроқ Нидерландия хавфсизлик юзасидан Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли раҳбарлигидаги Туркия делегацияси самолётини қўндиришга рухсат бермагач, Фатма Бетул Саян Кая Германиядан машинада Нидерландияга йўл олган эди. Чавушўғли Туркиядаги конституция референдумига бағишланган митингда нутқ сўзламоқчи эди.
Изоҳ (0)