Гавайи штати прокуратураси 7 март куни федерал округ судига АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан 6 март куни имзоланган муҳожирлар ҳақидаги иккинчи фармоннинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш ҳақида даъво юборди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
Аризада таъкидланишича, янги фармонда «биринчисидаги каби муаммолар бор — у Конституция ва қонунчилик томонидан тақдим этилган жуда муҳим кафолатларни таҳдид остига қўяди».
Хусусан, даъво аризасида қайд этилишича, Трампнинг иккинчи фармони Гавайи аҳолисининг номлари зикр этилган олти мамлакатдаги қариндошлари билан кўришиш имкониятидан «диний ва келиб чиқиши жиҳатдан» маҳрум қилади.
Даъвога Гавайи мусулмонлари уюшмаси раҳбари имом Исмоил Элшиҳ ҳам қўшилган — унинг Америка визасига эга бўлмаган суриялик қайнонаси Трампнинг фармони сабаб АҚШ ҳудудига кира олмайди.
АҚШ президенти Дональд Трамп 6 март куни қочоқлар ва бир қатор мусулмон мамлакатлар фуқароларининг АҚШ ҳудудига киришини чекловчи янги фармонни имзолади. Президент буни террорчиликка қарши кураш зарурати билан изоҳламоқда. Ҳужжат 16 мартдан кучга киради.
Янги ҳужжат январь ойида имзоланган ва охир-оқибат бир қатор штатларнинг шикоятлари сабаб суд томонидан тўхтатиб қўйилган биринчи фармондан бир қадар фарқ қилади.
Хусусан, янги фармон Эрон, Ливия, Сурия, Сомали, Судан ва Яман фуқароларининг АҚШга киришини маълум муддатга тақиқлайди, бироқ террорчиликка қарши курашда АҚШ билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган Ироқ бу рўйхатда йўқ. Бундан ташқари, янги фармон грин-карт эгаларининг АҚШ ҳудудига киришини кафолатлайди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)