Бир гуруҳ фуқаролар Тошкентдаги меҳмонхоналардан бирини фоҳишахонага айлантирган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. Хабарда меҳмонхона номи кўрсатилмаган.
Хабар беришларича, меҳмонхона маъмури таксичилар фоҳиша сўраган эркаклардан 90—120 минг сўмдан пул олиб, улар учун зарур шароит яратиб берган. Унга бир таксичи фоҳишаларни етказиб бериб турган.
Маълум фурсат ўтганидан сўнг, меҳмонхона маъмури фоҳишаларга талаби бор ва «асосан хорижликлар ташриф буюрадиган» тунги клуб раҳбари билан танишиб, у билан долларда пул олиб ишлашга келишиб олади. Шундай қилиб, маъмур ҳар бир меҳмон учун ажратилган хона учун 50 доллардан, таксичилар эса мижозларни олиб келгани учун 10 доллардан пул оладиган бўлган.
«Тегишли идораларга қилинган шикоятдан кейин махсус тадбирда маъмур навбатчилик қилаётган бир кечанинг ўзида 32 нафар эркак ва аёлга ноқонуний равишда хоналар ажратгани маълум бўлди. Унинг сейфидан тегишли тартибда меҳмонхона ғазнасига кирим қилинмаган 3,5 миллион сўм ва 500 доллар ашёвий далил сифатида олинди», — дейилади вазирлик ахборотида.
ИИВ матбуот хизматидан маълум қилишларича, уюшган жиноий гуруҳнинг барча аъзоларига жазо тайинланган. Бироқ айнан қандай жазо чоралари кўрилганига аниқлик киритилмаган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)