Ўзбекистон давлат санъат музейида мамлакатнинг Хитой Халқ Республикаси билан дипломатик алоқалар ўрнатганининг йигирма беш йиллигига бағишланган «Хитой маданияти ва санъати кунлари» фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб ёзади ЎзА.
Мазкур фестиваль Ўзбекистон давлат санъат музейи, Тошкент давлат шарқшунослик институти ва Тошкентдаги Конфуций институти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Фестивалда «Хитой маданий мероси», «Табиат манзаралари» ҳамда «Янги йил байрами» мавзулари асосида ҳунармандчилик намуналари, графика ва рангтасвир асарлари, фотосуратлар кўргазмаси ташкил этилди. Томошабинлар Хитой халқининг анъаналари, урф-одатлари ва бой маданий мероси саналган меъморий, тарихий ёдгорликлар билан танишди.
Тадбирда ҳар икки мамлакатнинг миллий урф-одатларини ифодаловчи, дўстлик ришталарини тараннум этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди.
Фестиваль доирасида Хитой хаттотлик санъати ва қоғоз бўлакларини қирқиш орқали турли-туман байрам ашёларини ясаш бўйича маҳорат дарслари ташкил этилади, «Хитой бўйлаб саёҳат: байрамлар» номли ҳужжатли фильм намойиш қилинади.
Изоҳ (0)