24 февраль куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ахборот хизматига таяниб, ЎзА хабар бермоқда.
Депутатлар фуқаролар, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқди.
Депутатлар ишни Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 5 октябрда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонини ижро этиш мақсадида ҳамда 2017 йилга мўлжалланган Солиқ ва бюджет сиёсати концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилишдан бошлади.
Бунда тўловга оид тартиб-интизомни, солиққа оид маслаҳатлар бериш соҳасида кўрсатиладиган хизматлар сифатини, хорижий инвестицияларга эга бўлган корхоналарнинг ҳуқуқлари ва улар фаолиятининг кафолатларини таъминлаш назарда тутилмоқда. Қонун лойиҳасини тайёрлаш чоғида амалда мавжуд бўлган муаммолар таҳлил этилди, Австрия, Германия, Италия каби давлатларнинг ҳамда МДҲдаги бир қатор мамлакатларнинг тажрибаси ўрганилиб, бу пировардида ҳужжатнинг сифатини яхшилаш имконини берди.
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик соҳасини жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратишга, солиққа оид маслаҳатлар бериш масалаларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)