Inrix компанияси ҳисоб-китобларига кўра, 2016 йилда Лос-Анжелес аҳолиси шаҳар тирбандликларида ўртача 104 соат вақт ўтказиб, бу борадаги глобал рейтингда биринчи бўлди. Бу ҳақда «Autorambler.ru» хабар бермоқда.
Тирбандликда ўтказилган вақт бўйича тузилган рейтингнинг иккинчи ўрнидан москваликлар ўрин олган — улар 91 соат вақтни тирбандликлардан ўтказишга мажбур бўлган. Рўйхатда учинчи поғонани 89 соат вақтини тирбандликларда ўтказган Нью-Йорк аҳолиси эгаллаган.
Кучли бешликни Сан-Франциско (АҚШ) ва Колумбиянинг пойтахти Богота тўлдирган бўлса, Сан-Паулу (Бразилия), Лондон (Буюк Британия), Атланта (АҚШ), Париж (Франция) ва Майами (АҚШ) ўнликдан жой олди.
Америка шаҳарларининг рўйхатда юқори ўринларни эгаллагани, мутахассисларнинг фикрича, мамлакат иқтисодиётининг барқарорлиги, аҳоли бандлигининг ўсиб бораётгани ва ёнилғи нархининг пастлиги билан боғлиқ.
Ушбу ҳолатларнинг бари шаҳарлар йўлларидаги қатновлар сони ўсишига олиб келган. Inrix тахминига кўра, мазкур тенденция 2017 йилда ҳам сақланиб қолади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)