КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг ўгай акаси Ким Чон Намни ўлдиришда гумон қилиниб ҳибсга олинган Шимолий Корея фуқароси кимё соҳасида эксперт бўлган. Бу ҳақда 19 февраль, якшанба куни The Straits Times газетаси маълум қилмоқда, деб ёзади «РИА Новости».
Аввалроқ Малайзия полицияси Ким Чон Намнинг ўлдирилиши бўйича тўртинчи гумонланувчини ҳибсга олган эди. У 1970 йил 6 майда туғилган КХДР фуқароси Ли Чон Чхоль бўлиб, чет эллик ишчиларга Малайзия ҳукумати томонидан бериладиган ҳужжатларга эга бўлган.
Ли Чон Чхоль кузатув камераларидан олинган хира суратларда акс этган тўртта эркакдан бири эканлиги тахмин қилинмоқда.
Нашрнинг маълум қилишича, Пхеньянда дунёга келган Ли Чон Чхоль 2000 йилда Шимолий Кореянинг фан ва тиббиёт соҳасидаги университетларидан бирини тамомлаган. У ўн йилга яқин, 2011 йилга қадар Калькутта тадқиқот марказларидан бирида фаолият олиб борган.
Шунга қарамасдан, айнан у Ким Чон Намни ўлдириш учун фойдаланилган суюқ заҳарли моддани тайёрлаган деб хулоса қилишга эрта. Чунки суриштирув ҳали ҳам давом этмоқда.
Малайзия полицияси бунгача Вьетнам ва индонезиялик икки аёлни ҳам Ким Чон Нам жонига қасд қилишда гумон қилиб ҳибсга олган эди. «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)