АҚШ президенти Дональд Трамп ўзини НАТОнинг мухлиси деб атади, аммо альянс иштирокчиларидан молиявий мажбуриятларини бажаришни талаб қилди, деб ёзади «ТАСС».
Флорида штатида сўзлаган нутқида Трамп америкаликлар «ишонмаслик жарлигини енгиб ўтиб, янги имкониятларни очувчи ҳамкорлик кўприкларини қуриши», шунингдек, «кечаги кун курашларининг кетиб бораётган акс-садосига эътибор бермаслиги» кераклигини айтди. «Биз ўзимизга фойда келтирмаётган жангларда қатнашяпмиз, биз бошқалар ўзимизга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлаётган жангларда қатнашяпмиз», — дея қўшиб қўйди Америка етакчиси.
Шу муносабат билан у шундай деди: «Мен НАТО мухлисиман, бироқ НАТОдаги кўплаб мамлакатлар, биз ҳимоя қилаётган давлатларнинг кўпчилиги ҳисобларини тўламаяпти. Улар бизга ёрдам бериши керак».
Нашр эслатишича, аввалроқ АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис НАТО бўйича шерикларини агар Европа мамлакатлари мудофаага кўпроқ пул ажратишни бошламаса, АҚШ ўзининг альянсдаги ҳиссасини камайтириши ҳақида расман огоҳлантирган эди.
Изоҳ (0)