Кремль Япония ОАВлари тарқатган Курил оролларининг вақтинчалик фойдаланиш учун Токиога берилиши ҳақидаги ахборотни рад этди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«Мазкур ахборотнинг қаердан пайдо бўлгани номаълум. Бу ҳақиқатга тўғри келмайди», — деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
Аввалроқ Курил оролларининг жанубий қисмида Россия ва Япониянинг ўзаро ҳамкорликда иқтисодий фаолият юритиш бўйича расмий маслаҳатлашувлар март ойида Токиода бўлиб ўтиши маълум қилинган эди.
Бу ҳафта Япония ташқи ишлар вазири Фумио Кисида Курил оролларининг жанубий қисмида Россия билан ҳамкорликда иқтисодий фаолият юритиш масалалари бўйича кенгаш тузилганини эълон қилди.
Ўз навбатида, Кисида кенгашнинг тузилиши яқин орада Япония бош вазири Синдзо Абенинг Россияга ташрифи учун замин ҳозирлашини ҳам таъкидлаб ўтган эди.
Россиянинг Узоқ Шарқни ривожлантириш бўйича вазири Александр Галушка ҳам унинг идораси маслаҳатлашувлар учун тайёргарлик кўраётганини тасдиқлаган.
2016 йил декабрида Владимир Путиннинг Японияга ташрифи доирасида икки томон Жанубий Курил оролларида биргаликда хўжалик фаолиятини юритиш бўйича маслаҳатлашувларни бошлашга келишиб олгани хабар қилинган эди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)