Канаданинг Виннипег шаҳар суди 43 ёшли аёл Андреа Гизбрехтни олти эмбрион жасадини сақлаш камерасида яширганликда айбдор деб топди. Бу ҳақда 6 февраль, душанба куни Reuters агентлиги маълум қилди.
Гизбрехтга нисбатан айблов 2014 йилнинг октябрида илгари сурилган эди. Ўшанда сақлаш камераларига хизмат кўрсатувчи компания ходимлари шкафчадан чақалоқларнинг жасадини топган эди. Полициянинг аниқлашича, у ерда 34—40 акушер ҳафталик бўлган беш нафар ўғил ва бир қизнинг жасади бўлган.
Чақалоқлар жасади чиқинди қоплари, пластик контейнер ва челакларда болалар ўйинчоғи ва кийимлари билан бирга сақланган. Эмбрионлардан бири устидан цемент қуйилган, яна бири ювиш воситаси ичида бўлган.
Полиция ДНК экспертизаси ёрдамида олти нафар боланинг ота-онаси Гизбрехт ва унинг эри эканлигини аниқлади.
Суд жараёнида Гизбрехтнинг адвокатлари аёл жасадларни яширишга уринмаганлигини таъкидлади. Бироқ судья Мюррей Томпсон аёл болалар жасадини яширишга уринган деб топди. Чунки у шкафчани ёлғон манзилдан фойдаланиб, қизлик фамилиясига ижарага олган. Шу билан бирга судья экспертларнинг чақалоқлар тирик туғилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хулосасини ҳам инобатга олди.
Гизбрехт айбловнинг олти банди бўйича айбдор деб топилди. Икки нафар болани тарбия қилаётган аёлга нисбатан ҳукм кейинроқ чиқарилади.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)