5 февраль — якшанба оқшомида Англия Премьер-лигасининг 24-тури доирасида сўнгги 2 та учрашув бўлиб ўтди. Уларнинг биринчисида «Манчестер Сити» ўз майдонида «Суонси»ни қабул қилди.
Биринчи бўлимнинг 11-дақиқасида Англияга келганига ҳеч қанча бўлмаган бразилиялик ёш вундеркинд Габриэл Жезус ўзининг учинчи ўйинида иккинчи голини уришга эришди.
81-дақиқада «Суонси» етакчиси Гильфи Сигурдссон ҳисобни тенглаштирганди. Қўшиб берилган дақиқалар тугаб бораётган бир вақтда эса катта саҳнага яна ўша Габриэл Жезус чиқди ва ҳисобни 2:1 кўринишига келтириб, жамоасига муҳим 3 очко тақдим этди.Турнинг сўнгги учрашувида «Лестер» «Манчестер Юнайтед»ни қабул қилди. Ўйиннинг 42-дақиқасида Жозе Моуриньо шогирдлари Генрих Мхитарияннинг голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олди. Орадан икки дақиқа ўтиб эса «Юнайтед» тўпурари Златан Ибраҳимович ҳисоб 2:0 бўлишини таъминлади.
Иккинчи бўлимнинг 49-дақиқасида Хуан Мата томонидан киритилган гол Моуриньо шогирдларига йирик ҳисобдаги ғалабани тақдим этди — 3:0.
Англия Премьер-лигаси 24-тур 5 февраль, якшанба
Изоҳ (0)