Эрон миллий терма жамоаси аъзоси ҳисобланган Ризо Ғучаннажод Голландия чемпионатининг 19-турида 3 та гол уришга муваффақ бўлди. Бироқ унинг бу уриниши «Херенвен» клубига ҳеч бўлмаганда дуранг ҳам тақдим этмади.
Ғучаннажод жамоадошлари чемпионатда 4-ўринни эгаллаб турибди. Улар ўзларидан бир поғона юқоридан жой олган «ПСВ» меҳмони бўлиб, 3:4 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
Эътиборли томони, Ризо Ғучаннажод 12 та гол билан Голландия чемпионатида тўпурар бўлиб турибди. Шунингдек, «Фейноорд» клуби аъзоси Николай Йоргенсен ҳисобида ҳам шунча гол бор.
Маълумот учун, Ризо Ғучаннажод, Сардор Азмун каби Европа клубларида муваффақиятли тўп сураётган Эрон терма жамоаси Ўзбекистон билан ЖЧ—2018 йўлида бир гуруҳдан жой олган. Томонларнинг Тошкентда ўтган ўйинида форслар 1:0 ҳисобида зафар қучганди. Жавоб ўйини шу йилнинг 12 июнь санасида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)