Испаниянинг Okdiario нашри ихтиёрига тушиб қолган махфий ҳужжатларни чоп этди. Улар актриса Барбара Рей мамлакатнинг собиқ қироли Хуан Карлос I билан кўп йиллик муносабатлари ҳақидаги маълумотни яшириши учун махсус хизматлар унга ҳақ тўлаганлиги ҳақида гувоҳлик беради. Бу ҳақда 18 январь, чоршанба куни Daily Mail нашри маълум қилди.
Okdiario’нинг маълум қилишича, 1996 йилда Мудофаа ахбороти бош маркази маълумотларни сир тутиши учун юлдузга 500 миллион песет (ҳозирги курс бўйича уч миллион евро) таклиф қилган. Нашрнинг таъкидлашича, Рейга пуллар хазинада терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш учун захирада сақланаётган маблағлардан тўланган.
Актрисанинг ўзи буни рад этди. Қироллик оиласи вакиллари ҳам изоҳ беришдан бош тортган.
66 ёшли Барбара Рей (ҳақиқий исми Мария Гарсия) испан актрисаси ва телебошловчисидир. 1970 йилда у «Мадрид гўзали» танловида ғалаба қозонган, 1971 йилда эса «Дунё гўзали» танловида иштирок этган.
Хуан Карлос I 1975—2014 йилларда Испания тахтини эгаллаб келган. 1962 йилда София билан турмуш қуриб, икки нафар қиз ва бир нафар ўғилли бўлган. Унинг ўғли Филипп VI Испаниянинг ҳозирги қиролидир.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)