Ўзбекистон ва Арманистон миллий терма жамоалари ўртасидаги 12 февраль куни ўтиши режалаштирилган беллашув бекор қилинди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар берди.
ЖЧ—2018 йўлида кураш олиб бораётган Ўзбекистон термаси Туркиянинг Анталия шаҳрида Арманистонга қарши майдонга тушишни режалаштириб қўйганди. Ўйин 9—13 февраль кунлари бўлиб ўтадиган Туркия йиғини доирасида ўтиши керак эди.
Бироқ арманистонликлар Туркияга бормасликка қарор қилди ва буни Туркиядаги беқарор вазият билан изоҳлади. Режа ўзгаргач, Арманистон футбол федарацияси ЎФФга мактуб йўллаб, ноқулайлик учун узр сўраган.
Туркиядаги беқарор вазият ЎФФ режаларига ҳам ўзгартириш киритадими ёки йўқ, аниқлик киритилмаган. Самвел Бабаян саралаб олган ва легионерлардан ҳоли бўлган таркиб 21—24 январь кунлари Амирлик йиғинида иштирок этади. Унинг доирасида 22 январь куни Дания U23, 23 январь куни эса Грузия термаларига қарши ўртоқлик ўйинлари режалаштирилган.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ—2018 йўлидаги навбатдаги учрашуви 23 март куни Сурияга қарши бўлиб ўтади. Томонларнинг Тошкентга кечган учрашувида ўзбекистонликлар 1:0 ҳисобида зафар қучганди.
Изоҳ (0)