Футбол бўйича Англия Премьер-лигасида 21-тур беллашувларига якун ясалди. 14 январь куни бўлиб ўтган ўйинлар Лондон клублари учун омадли келиб, «Арсенал», «Челси», «Вест Ҳэм» ва «Тоттенҳэм» йирик ғалабаларни қўлга киритган бўлса, орадан бир кун ўтиб Манчестер шаҳри клублари очко йўқотди.
Турнинг марказий ўйини «Олд Траффорд» стадионида кечиб, «Манчестер Юнайтед» «Ливерпуль»ни қабул қилди. Томонларнинг «Энфилд»да бўлиб ўтган ўйинида 0:0 ҳисоби қайд этилганди. Бу сафар ҳам ғолибни аниқлаб бўлмади — 1:1.
Ҳисоб биринчи бўлимда Жеймс Милнернинг пенальтидан йўллаган аниқ зарбасидан кейин очилган бўлса, ўйин асосий вақти якунига 6 дақиқа қолганида Златан Ибраҳимович «Юнайтед»ни мағлубиятдан қутқариб қолган голга муаллифлик қилди.
Манчестер шаҳрининг иккинчи жамоаси «Сити» эса Ливерпуль шаҳрида тор-мор келтирилди. Хосеп Гвардиола шогирдлари «Эвертон»га қарши саф тортиб, ўз дарвозасидан жавобсиз 4 та гол ўтказиб юборди.
21-турдан кейин «Тоттенҳэм» турнир жадвалида 2-ўринга кўтарилиб олди. «Шпорлар» ортда қолган турлар давомида энг кам гол ўтказиб юборган жамоа бўлиб турибди ва «Ливерпуль» билан тенг очко жамғаришга муваффақ бўлган. Кучли тўртликни доимгидек «Арсенал» якунлаган, Манчестер шаҳри клублари кейинги икки ўриндан жой олган.
Англия Премьер-лигаси 21-тур беллашувлари 15 январь, якшанба
Изоҳ (0)