АҚШ Конгрессининг разведка бўйича махсус қўмитаси президент сайловидан олдинги кампания чоғида амалга оширилган хакерлик ҳужумлари юзасидан ўз тафтишларини ўтказади. Бу ҳақда қўмита раиси — республикачи Ричард Бурр ҳамда унинг ўринбосари — демократ Марк Уорнернинг баёнотида айтилди, деб хабар беради «ТАСС».
Январь бошида АҚШ миллий разведкаси директори Жеймс Клэппер офиси томонидан тарқатилган ҳисоботда киберҳужумлар президент сайлови натижаларига таъсир ўтказгани ҳақидаги хулосалар берилган эди. Қўмита ушбу хулосаларни текширувдан ўтказади, деб тушунтирилади баёнотда.
Аниқлаштирилишича, қўмита аъзолари биринчи навбатда махсус хизматларнинг манбаларини текширади. Бундан ташқари, улар сайловолди кампанияларини ўтказган шахсларнинг Россия билан алоқалари бор-йўқлигини аниқлашга уриниб кўради.