Ўзбекистонлик футболчи Фарҳод Тожиев Малайзиянинг «Т-Тим» клуби билан шартнома тузди. Бу ҳақда «Championat.asia» нашри маълумот берди.
Шартнома шартлари ва унинг қанчага мўлжаллангани очиқланмаган. Фарҳод Тожиев 2015 йилги мавсумда ҳам «Т-Тим» шарафини ҳимоя қилган бўлиб, 13 та беллашувда 14 та гол уришга муваффақ бўлганди. Кейинроқ эса жароҳати сабаб Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлган.
Тожиевларнинг кенжа вакили 2016 йилги мавсумнинг биринчи даврасини «Олмалиқ» сафида ўтказиб, кейинроқ яна эркин агентга айланиб қолганди. Кўрик учун Малайзияга ташриф буюргач эса кетма-кет 3 та ўртоқлик ўйинида иштирок этди ва 5 та гол уришга муваффақ бўлди.
«Т-Тим» сафида ўзбекистонлик бошқа бир футболчи — ярим ҳимоячи Дилшод Шарофутдинов ҳам тўп суради. Аввалроқ Бобур Акбаров «Куала Лумпур» футбол клуби сафига бориб қўшилганди.
Малайзияда кўрикда бўлиб турган яна икки футболчи — Камолиддин Тожиев ва Шавкат Саломовнинг келажаги очиқлигича қолмоқда.
Изоҳ (0)