Habrhabr ресурсининг tambovchanin никли фойдаланувчиси Viber мессенжерида муаммо аниқлаганини билдирди. Машҳур дастурда, агар суҳбатдош овозли мулоқот чоғида бошқа суҳбат олиб бораётган бўлса, уни эшитиш ва кузатиш мумкин экан, деб хабар беради «Hi-Tech.Mail.ru».
Фойдаланувчининг таъкидлашича, у муаммони 2016 йил октябрида аниқлаган. Икки фойдаланувчи Viber орқали аудиоалоқа қилаётган бўлса, улардан бирига мобил тармоқ орқали биров қўнғироқ қилса, Viber’даги мулоқот иккинчи тармоққа ўтказиб турилади, яъни қўнғироқ кутиш режимида ушлаб турилади. Агар Viber орқали суҳбатлашаётган иккинчи фойдаланувчи смартфонидаги «ушлаб туриш» тугмасини икки марта босса, у биринчи фойдаланувчининг мобил тармоқ орқали суҳбатини эшитиб ўтириши мумкин бўлади.
tambovchanin муаммо ҳақидаги маълумотларни Viber ишлаб чиқарувчилари электрон манзилига йўллаганини айтди. Аммо улар шу пайтгача мужмал жавоб билан чекланаётган эди, Habrhabr’даги постингдан сўнг эса улар Viber’нинг Android версиясида хатони тузатди, лекин у iOS ва Blackberry’даги версияларда сақланмоқда.
Изоҳ (0)