Хонанда Дилсўз кўнгил кечинмаларини «Darakchi.uz» нашри билан бўлишди.
2016 йил ёрқин, унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. Қизим Дилсўз илк қадамларини ташлади. Тили чиқди, биринчи айтган сўзи — дада! У туғилганидан бери уйимизда бошқача кайфият, ҳар куни баҳор! Бир ёшга тўлгани, шодиёнани ҳис қилиб, яйрагани қалбимга ўзгача бир шукуҳ олиб кирди!
Кўз ёшлар. 30 ноябрь куни «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Ёшлар симфоник оркестрининг концерти бўлиб ўтди. Дастур аввалида Биринчи Президентимиз хотирасига аталган мусиқий асар янграб, суратлари экранда кўрсатилди. Бу лаҳзаларда нафақат мен, залда ўтирган барча санъат ихлосмандлари кўзларига ёш олишди.
Умр йўлдошим ҳам санъат вакили эканлигининг ҳозирча фақат плюс томонларини кўраяпман. Бунинг минуслари борми-йўқми, ҳозирча билмайман. Мени тушуниши, қўллаб-қувватлаши, фикрлари билан ўртоқлашишлари ҳам фойдали, ҳам қизиқ. Мана, қизим туғилгач ҳам ижодда фаолман.
Ошхонада... Пишириқлар тайёрлашни кичкиналигимдан яхши кўраман. Илк тажрибаларим унчалик ўхшамаган. Нуқул пирогларни куйдириб қўярдим. Онам тайёрлаб бўлганимдан сўнг хатоларимни айтиб ўргатардилар. Ўзим асалли тортни яхши кўриб ейман. Бирор байрам ё баҳонани кутиб ўтирмай, вақтим бўлди дегунча пишираман.
Мен ва қизим. Дилсўз ташқи кўриниши жиҳатдан кўпроқ дадасига ўхшайди. Феъл-атворини эса билмадим. Ҳали кичкина-ку, бу борада бирор нима дейиш қийин. Ҳозир у билан вақт ўтказиш жуда қизиқ.
Вақт ҳукми таъсир ўтказмайдиган бирор-бир инсон ёки нарса бўлмаса керак ер юзида. Албатта, тароналарим ҳам мен билан бирга улғаяди. Дейлик, ўн, йигирма йилдан кейин «Уйланасизми, йўқми?» каби қўшиқ куйламасам керак. Ҳозир ҳам ўйланиб-ўйланиб айтганман бу қўшиқни. Лекин элликка кирамизми, насиб қилса, етмишгами, севги ҳақида куйлайверамиз. Инсон ахир муҳаббат билан тирик.
Афсус... ўзимга яраша афсусланадиган томонларим бор. Мактабда янада яхши ўқимаганимдан, инглиз тилини вақтида мукаммал ўрганмаганимдан хафа бўламан баъзида. Яна ҳаммаси ҳали олдинда, имкон бор, истагингни сўндирма, дея ўзимни овутиб ҳам қўяман. Қизим билан хорижий тилларни ўргана бошласам ҳам ажабмас.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)