Янги йил байрами арафасида Деҳқонобод вокзалида «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан «Қарши–Тошгузар–Деҳқонобод» темир йўл участкаларида электрлаштириш ишлари якунланишига бағишланган тантанали маросим ташкил этилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ хабар бермоқда.
Унда темирйўлчилар, қурувчилар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Президентининг 2010 йил 21 декабрдаги «2011–2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан Мароқанд–Қарши темир йўли тўлиқ электрлаштирилган бўлса, ҳозирги кунда «Қарши–Термиз» участкасида лойиҳа доирасида иш қизғин давом этмоқда. Умумий узунлиги 325 километрни ташкил этувчи ушбу йўналишда электр-монтаж ишлари босқичма-босқич амалга ошириляпти. Бу жараёнга 2016 йилнинг сентябр ойида киришилган бўлиб, темирйўлчилар томонидан Қаршидан Деҳқонободгача бўлган 90 километрга яқин масофа тўлиқ электрлаштирилди.
2016 йилнинг сўнгги тўрт ойи давомида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли «1-сонли энергомонтаж поезди» унитар корхонаси ходимлари томонидан 2000 та темир-бетон устунлар, 1800 та консоль, 167 та металл кўндаланг кесмалар, 224 километрлик контакт тармоқлари қуриб битказилди.
Изоҳ (0)