Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг расмий веб-сайтида виртуал қабулхона очилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қабулхона соҳада фаолият юритувчиларнинг мурожаат, шикоят ва таклифлари билан танишиш, уларга ечим топиш ҳамда аҳолини қизиқтирган саволларга жавоб беришда енгиллик ва қулайликлар яратади.
Эндиликда сайтга кириб, махсус шаклни тўлдириш орқали Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисига саволлар, ариза ва шикоятлар, туризм соҳасини янада ривожлантиришга доир таклифлар билан тўғридан-тўғри мурожаат қилиш мумкин.
Онлайн мурожаатларда электрон рақамли имзо талаб қилинмайди. Сайт орқали онлайн мурожаат юбориш шакли ҳамма учун тушунарли ва содда тузилган. Мурожаатлар ўз вақтида ҳамда ижобий кўриб чиқилиши учун ҳар бир масала алоҳида ва тушунарли тарзда йўлланиши мақсадга мувофиқдир. Сайтда мурожаат натижасини (жавоб берилган-берилмаганини) текшириш имкони мавжуд. Қўмитанинг (+998 71) 233-90-28 рақамли «ишонч телефони» ҳамда электрон почта манзилига ҳам мурожаат қилиш мумкин.
Айни вақтда қўмитада мурожаатлар билан ишлаш бўйича ишчи гуруҳи фаолият юритмоқда.
Изоҳ (0)