Молдованинг собиқ президенти, коммунистлар партияси етакчиси Владимир Воронин Руминиянинг собиқ президенти, икки давлатнинг бирлашиши тарафдори бўлган Траян Бэсеску Молдова фуқаролигидан маҳрум қилинганини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Муқаддам Молдованинг амалдаги президенти Игорь Додон Бэсескуни Молдова давлатчилигини ҳамда молдован халқини инкор қилишда айблаб, у Молдова фуқаролигидан маҳрум қилинганини билдирган эди.
«Икки марта Руминия президенти бўлган кишига Молдова фуқаролиги нимага керак? Руминия қонунчилигидан яшириниш учунми? Молдовада сиёсат билан шуғулланиш учунми? Шу йиллар давомида Бэсеску молдован сиёсий тоифалари ва жаҳон ҳамжамияти орасига ўзининг реалликдан узоқ баёнотлари билан иғво солиб келди», — деб бу янгиликка фикр билдирди Владимир Воронин.
Траян Бэсеску Руминия ва Молдова давлатларининг бирлашиши тарафдори ҳисобланади. Россияга хайрихоҳ кучлар вакили бўлмиш Игорь Додон ғолиб бўлган президент сайловида у Европага хайрихоҳ кучлар вакили фойдасига тарғибот олиб борди ҳамда Молдованинг Россияга яқинлашишига, шунингдек, Додоннинг сиёсий дастурига қарши чиқди.
Изоҳ (0)