2014—2016 йилларда амалга оширилган «Ўзбекистонда ногирон шахслар ва ёлғиз кексаларга профессионал ижтимоий хизмат кўрсатиш» лойиҳаси 17 мингга яқин бундай кимсаларни қамраб олди, дея хабар бермоқда UzDaily.
Лойиҳа Ижтимоий хизматлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини, ҳукуматнинг ижтимоий ҳимоя соҳасидаги қатор лойиҳаларини тайёрлашда ҳамкорлик қилди.
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида давлат ижтимоий хизматлари ва ижтимоий кўмак олишга ҳуқуқи бўлган шахслар категорияси кенгайтирилди. Хусусан, пенсионер бўлмаган (ёш бўйича нафақа оладиган) ёлғиз кексалар ва ногиронлар ҳар ойда озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена воситалари тўпламини ола бошлади. Ушбу тўпламдаги маҳсулотлар ва товарлар сони 9 дан 15 тагача, умумий нархи эса икки карра ошди.
Лойиҳа кўмакка эҳтиёжманд бўлган ва ижтимоий хизмат кўрсатиш билан қамраб олинмаган ёлғиз кексалар ва ногиронларни аниқлаш учун ҳар чоракликда хонадонлар айланиб чиқиладиган бўлди. Фақат Тошкент шаҳри ва вилояти бўйича 2016 йил давомида хонадонлар айланиб чиқилиши натижасида 150 га яқин киши озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена воситалари тўплами билан бепул таъминлаш дастурига киритилди, 300 га яқин киши эса уйда кўрсатиладиган хизматларга эга бўлди.
Изоҳ (0)