БААнинг Дубай шаҳрида Globe Soccer Awards талқини бўйича 2016 йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
«Championat.asia» нашрининг маълум қилишича, Португалия терма жамоаси ва «Реал» клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду Globe Soccer Awards талқинига кўра 2016 йилнинг энг яхши футболчиси деб топилди.
31 ёшли ҳужумчи тақдирлаш маросимида иштирок эта олмаган бўлса-да, у видеоконференция орқали тадбир иштирокчилари билан алоқага чиқди. Португалиялик футболчи фаолиятида тўртинчи марта Globe Soccer Awards’нинг йил футболчиси мукофотини қўлга киритди.
Роналду 2015/16 йилги мавсумда «Реал» билан ЕЧЛ ғолиби, Португалия термаси билан эса Евро–2016 чемпионига айланган Криштиану Роналду France Football нашри томонидан йилнинг энг яхши футболчисига бериладиган «Олтин тўп» мукофоти билан тақдирланганди. Бу унинг фаолиятидаги тўртинчи «Олтин тўп» мукофоти бўлди.
«Реал Мадрид» 2016 йилнинг энг яхши клуби деб эътироф этилган бўлса, Португалияни Европа чемпионига айлантирган Фернанду Сантуш йилнинг энг яхши мураббийи бўлди.Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси (IFFHS) томонидан 2016 йилнинг энг яхши ҳаками деб тан олинган британиялик Марк Клаттенбург Globe Soccer Awards талқини бўйича ҳам жорий йилда тенгсиз бўлди. Қайд этиш жоиз, 2015 йилда ўзбекистонлик Равшан Эрматов ушбу совринга лойиқ деб топилганди.
«Барселона», «Челси», «Эвертон» ва «Анжи» каби клубларда тўп сурган Самуэл Это’O «Фаолиятидаги ютуқлари учун» соврини билан тақдирланди. Мино Раёла йил агенти, «Реал» президенти Флорентино Перес «Энг яхши клуб президенти» номига сазовор бўлди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)