Ўзбекистоннинг Покистон пойтахти Исломободдаги элчихонасида «Покистон — Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти» Дўстлик форуми ҳамда Тинчлик ва дипломатия тадқиқотлари институти билан ўзаро ҳамкорликда таниқли ўзбек ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг урду тилига таржима қилинган ва Покистон Миллий китоблар жамғармаси томонидан нашр этилган «Юлдузли тунлар» романининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Жаҳон» ахборот агентлигига таяниб, «Qalampir.uz» хабар бермоқда.
Унда Покистон академик ва эксперт доиралари намояндалари, жумладан, «Куайд-а Азам» университети ҳузуридаги Тарихий ва маданий тадқиқотлар миллий институти, Тинчлик ва дипломатия тадқиқотлари институтининг профессор ўқитувчилари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди. Тадбир қатнашчиларига яқинда нашрдан чиққан мазкур романнинг нусхалари тақдим этилди.
«Аллама Иқбал» Очиқ университети Тарих департаментининг профессори Абдул Басит тақдимот маросими қатнашчиларини қутлар экан, жаҳон адабиёти равнақига, хусусан, ҳинд субминтақаси адабиёти ривожига ўзининг улкан таъсирини кўрсатган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ижодий ва тарихий меросига юқори баҳо берди. Маърузачининг фикр билдиришича, буюк шоир ва давлат арбобининг ижоди нафақат Ўзбекистон, балки сарҳади жуда кенг бўлган бутун минтақанинг маънавий бойлигини ўзида мужассам этган.
Олимнинг таъкидлашича, «Юлдузли тунлар» романи Бобур ҳаёти ҳақида батафсил ҳикоя қилгани баробарида Марказий ва Жанубий Осиё халқларининг ўша тарихий даврдаги маданияти ва ҳаёт тарзини ҳам яққол тасвирлаб берган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.