Колумбиянинг «Атлетико «Насьональ» футбол клубига қарши Копа Судамерикана финалида майдонга тушиш учун йўлга чиққан ва самолётда ҳалок бўлган Бразилиянинг «Шапекоэнсе» клуби аъзоларини хотирлаб, хайрия ўйини ташкил этилди. Бу ҳақда «Sports.ru» нашри хабар берди.
Ўртоқлик ўйини Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳрида бўлиб ўтди. Унда Неймар, Робиньо, Кака, Жулио Баптиста каби мамлакатнинг машҳур футболчилари майдонга тушди. Шунингдек, Формула-1 пойгачиси Фелипе Масса ҳам футбол ўйнади.
Жамоалар Неймар ҳамда Робиньонинг дўстларидан ташкил топиб, бир-бирига қарши кураш олиб борди. Учрашувда Неймар бошчилик қилган жамоа Робиньонинг дўстлари устидан 13:9 ҳисобида устун келди. «Барселона» аъзоси учрашувда 4 та гол уриб, покер қайд этди.
Хайрия ўйинидан 300 минг евро даромад қилинган. Бу пуллар «Шапекоэнсе» футболчилари хотирасини абадийлаштириш учун сарф этилади.
Изоҳ (0)