Ўзбекистон Футбол Федерацияси мамлакатнинг 2016 йилдаги энг яхши футболчи ва мураббийини аниқлаш учун сўровнома ўтказмоқда. Сўровномада «Локомотив» устози Мирко Йеличич ва «Бунёдкор» бош мураббийи Сергей Лушчан қатнаша олмайди, деб хабар берди «Championat.asia».
Боиси улар хорижий мутахассислар ҳисобланади. Овоз бериш шартларига кўра, унда хорижий мутахассислар ва футболчилар иштирок этмаслиги керак. Олий Лиганинг 2016 йилги мавсуми якунига кўра Мирко Йеличичнинг жамоаси чемпионлик ва кубокни қўлга киритган бўлса, «Сергей Лушчан шогирдлари кумуш медалга эга чиққанди. «Локомотив», шунингдек, Осиё Чемпионлар Лигасида чорак финалга қадар етиб борган.
Маълумот учун, ЎФФ сўровномасида хоижий мутахассислар иштирок этмайди, бироқ чет эл оммавий ахборот воситалари унда ўз овози билан иштирок этиши мумкин. Хорижий мутахассис ва футболчиларга нима сабабдан энг яхши бўлиш имконияти тақдим этилмаганига эса ойдинлик киритилмаган.
Қайд этиш керак, футбол бўйича кучли бешлик миллий чемпионатларида йил мураббийи бўлиш имконияти хорижий мутахассисларга ҳам тақдим этилган. Жумладан, сўнгги мавсум якунига кўра италиялик мураббий Клаудио Раньери Англияда энг зўр бўлган. Аргентиналик Диего Симеоне эса Испанияда энг яхши деб топилган.
Изоҳ (0)