Голландиянинг Puckey ва Moniker дизайн студиялари Radio Garden интерактив харитасини яратди. Харита ёрдамида турли мамлакатлар радиосини тинглаш мумкин, деб ёзади Meduza.
«Сиз Канзасда сўзлашув услубидаги Эфиопия станциясини ёки Жанубий Кореяда Америка радиоси тўлқинини тутиб олишингиз мумкин», — дейди Radio Garden яратувчиларидан бири Жонатан Паки.
Лойиҳа Нидерландия овоз ва тасвир институти учун ишлаб чиқилди. Radio Garden’га классик станциялар билан бир қаторда онлайн-радиолар ҳам киритилган. Яратувчиларнинг маълум қилишича, вақт ўтиши билан харитадаги нуқталар Осиё ва Африка фойдасига кўпайган. Ҳозирги пайтда Radio Garden’даги аксарият радиостанциялар Европа ва Америкада жойлашган.
Пакининг сўзларига қараганда, Radio Garden фойдаланувчиларга радио чегара билмаслигини кўрсатиши лозим. Бунинг учун яратувчилар дунёнинг сиёсий харитасидан эмас, сунъий йўлдош ёрдамида олинган суратдан фойдаланди. Унда давлатлар ўртасидаги чегаралар кўринмайди.
Харитага ҳозирча Марказий ва Жанубий Осиё бўйича фақат Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистондаги бир қатор радио нуқталар киритилган бўлиб, уларнинг рўйхатида ўзбек радиоканаллари йўқ.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)