«Сибирнинг биллур тожи–2016» танлови ташкилотчилари иштирокчилардан бири — Ирина Видан совғалар ва тожни қайтаришни талаб қилди. Бунга қиз ижтимоий тармоқларда совғаларни танқид остига олгани сабаб бўлди, деб хабар беради TJournal.
Танлов 27 ноябрь куни Омск шаҳрида бўлиб ўтди. Ирина Ви унда биринчи вице-миссис унвонини қўлга киритди. Танлов финалидан сўнг қиз ижтимоий тармоқларидаги обуначиларига совғалар унинг ишончини оқламаганини ҳикоя қилиб берди. Ви хоним шунга ўхшаш бошқа танловда уникига тенг ўринни қўлга киритган қизга iPhone 5s совға қилинганини ёдга олди.
«Совға ўтган ой учун бешта журналдан иборат, улардан бирида L’Occitan дўкони учун минг рубллик иккита карта. Яхши дўкон, афсуски, бу карталар 15 ноябрга қадар амалда бўлган экан, танлов эса 27 ноябрь куни бўлиб ўтиб. Икки бўш картон қути (журналлар учун бўлса керак), кинога иккита чипта, «Либеров маркази»га иккита чипта, уларнинг ташриф қоғози ва музлаткич учун «Телесемь» магнити. Шунисига ҳам раҳмат», — деб ёзди қиз.
Постинг чоп этилганидан бир неча соат ўтиб Иринага танлов ташкилий қўмитасидан қўнғироқ бўлиб, тож ва совғаларни қайтариш сўралди. Ташкилотчиларнинг тушунтиришича, бундай баёнотлар қоидаларга зид келади.
Ирина Ви, шунингдек, ташкилотчилар Шерегеш тоғ-чанғи курортига йўлланма ҳамда қимматбаҳо гўзаллик салонига ташрифни ҳам бекор қилганини айтди. Бу совғаларни у ижтимоий тармоқлардаги хабарида санаб ўтмаган эди.
Ташкилотчи Олеся Дороговаянинг сўзларига қараганда, совғалар орасида 20 минг рубллик совға сертификатлари, мўйнадан тикилган буюмлар, заргарлик буюмлари ҳам бўлган.
Ирина Вининг йўлланмаси ва айрим бошқа совғалари ундан кейинги ўрин соҳибасига топширилди.
Изоҳ (0)