Франц-Иосиф Ери номли арктик архипелаг яқинидаги денгиз суви олимлар томонидан гидрокимёвий хусусиятларига кўра океан сувлари учун тозалик намунаси деб топилди. Бу ҳақда «Рус Арктикаси» миллий боғи илмий фаолият бўйича директори муовини Мария Гаврило баёнот берди, деб хабар қилади «Интерфакс».
«Москвада ўтказилган таҳлил шуни кўрсатдики, у ердаги сув денгиз сувлари учун намуна бўла олади. У, хусусан, соҳилбўйидан келадиган аралашмалардан холидир. Ўз микроэлемент таркибига кўра ушбу океан суви, қирғоқнинг яқинлигига қарамай, глобал геокимёвий фонни акс эттиради. Шу тариқа, олимларнинг фикрича, Франц-Иосиф Ери акваторияси уникал жойдир, негаки бундай намунани қирғоққа яқин ердан олса бўлади», — деди мутахассис.
Гаврилонинг маълумотларига қараганда, сув намуналари баҳорда Россия халқлар дўстлиги университети қошидаги ЮНЕСКО микроэлементлар институти Москва ҳамроҳ маркази билан ҳамкорликда олинган эди. Кембриж бўғозидан ҳамда Александра Ери оролининг океанга қараган томонидан ҳам намуналар олинган эди.
Гаврилонинг сўзларига қараганда, бундай тадқиқотлар бошқа океанлар, жумладан, Тинч океанида ҳам ўтказилган, аммо бу қадар тоза намуналарни фақатгина қирғоқдан юзлаб километр узоқликдан топишнинг имкони бўлган.
Изоҳ (0)