Гамбия президенти Яйя Жамме ўз мансабини 19 январга қадар тарк этиши лозим, акс ҳолда унга қарши санкциялар жорий этилади. Бу ҳақда, Reuters’га асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
«Бу Яйя Жамме учун ниҳоя, у ҳеч қандай вазиятда ўз ваколатларини давом эттира олмайди», — деди БМТнинг Ғарбий Африка бўйича вакили Муҳаммад ибн Чамбас.
Шунингдек, ташкилот бош котиби Пан Ги Мун ҳарбийлар томонидан мустақил сайлов комиссияси штабининг эгалланишини танқид остига олди.
Эслатиб ўтамиз, Гамбияда президент сайлови билан боғлиқ сиёсий инқироз давом этмоқда. Гамбияни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Яйя Жамме 1 декабрда бўлиб ўтган президент сайловида 36,7 фоиз, унинг мухолифатчи рақиби Адам Барроу эса 45,5 фоиз овоз олди. 3 декабрда Жамме мағлубиятини тан олди, бироқ бир ҳафтадан сўнг сайлов комиссиясидаги «йўл қўйиб бўлмас камчиликлар»ни рўкач қилиб, янги сайловлар ўтказишга чақирди.
Изоҳ (0)