«Ёшлар ҳафталиги» доирасида талабалар театр студиялари фестивали иштирокчилари учун Республика киночилар уйида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги қошида ташкил этилган «Киноактёр театр студияси» томонидан ёзувчи Явдот Илёсовнинг «Олачипор ажал» тарихий романи асосида саҳналаштирилган «Тўмарис» спектаклининг намойиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га «Камолот» ЁИҲ матбуот хизмати маълум қилди.
Саҳна асарида Тўмариснинг шарафли ҳаёт йўли, ватан озодлиги учун мардонавор кураши қизиқарли ва таъсирчан лавҳалар, саҳнавий кўринишлар ёрдамида акс эттирилган. Тўмариснинг жасорати ёш авлодни ватанпарварлик, юрт тақдирига дахлдорлик руҳида камол топтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Спектаклда Тўмарис образини истеъдодли санъаткор Эльмира Раҳимжонова яратди. Карим Мирҳодиев шоҳ Кирёвуш, Фарҳод Худойбердиев сотқин Фрада, Наргиза Салмонова Фраданинг қизи, Ҳусан Рашидов Спарангиз ролларини моҳирлик билан ижро этди. Спектаклни таниқли режиссёр Сайфиддин Мелиев саҳналаштирди.
Спектакль якунида ёшлар томонидан берилган саволларга режиссёр ва актёрлар атрофлича жавоб қайтарди.
Изоҳ (0)