Аввалроқ эълон қилинмаган ташриф билан Ироққа келган АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер мамлакат бош вазири Ҳайдар ал-Ободий билан учрашув ўтказди, деб ёзади «ТАСС». Улар Мосулни озод этиш бўйича операцияни ва ироқлик курдлар билан ҳамкорликни муҳокама қилди.
«Уларнинг сермаҳсул суҳбати асосан ИШИДни тор-мор қилиш бўйича ҳарбий кампанияга бағишланди, вазир Картер Мосул учун давом этаётган жангларда Ироқ хавфсизлик кучлари ҳаракатларини қайд этди. Улар Мосул операцияси чоғидаги навбатдаги қадамларни, шу жумладан, Ироқ ҳукумати ва курд ҳудуди ҳукумати билан яқин алоқаларни давом эттириш заруриятини муҳокама қилди», — дейилади муассаса хабарида.
Ваколати муддати келаси йилнинг январида тугайдиган Картер ал-Ободийга икки йиллик ҳамкорликдаги фаолият учун миннатдорлик билдирди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.