«Академнашр» қадимги ҳинд афсоналари ва масаллари тўплами бўлмиш «Ҳитопадеша» китобини нашрдан чиқармоқда. Бу ҳақда «Дарё»га Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги маълум қилди.
Мазкур қадимий адабиёт дурдонаси ҳикматли ҳикоя, ғаройиб саргузаштларга ҳамда мардлик, қаҳрамонлик, садоқат ва адолатни тараннум этувчи воқеаларга бой афсоналар мажмуасидан иборатдир, дейилади хабарномада.
«Ҳитопадеша»нинг қаҳрамонлари мажозий зарбулмасаллардаги каби турли ҳайвон ва қушлардан иборатдир. Дўстлик ва душманлик, самимийлик ва мунофиқлик, саховатпешалик ва маккорликни бири-биридан фарқлай билиш санъатидан сабоқ берувчи китобдан жониворлар тили билан баён этилган мароқли саргузаштларга бой ҳикоя ва бир-бирига уланиб кетган мантиқий-фалсафий масаллар ўрин олган.
«Ҳитопадеша» қарийб минг йил аввал яратилган бўлишига қарамай, содда, аммо маъно жиҳатдан чуқур мантиққа асосланган ибратли ҳикоялардан ташкил топган.
Адабиётшунос олимларнинг таъкидлашича, «Ҳитопадеша» бутун дунёда машҳур бўлишининг сабаби битта — ёшларни илм чўққиларини эгаллашга даъват қилиши. Асарнинг бош фалсафий ўзаги унинг қаҳрамонлари тилидан қуйидагича «Барча эзгу-манфаат ва бойликлар ичида билимдан зиёдаси йўқдир: уни ҳеч ким ўғирлай олмайди, унинг баҳоси йўқ ва у ҳеч қачон тугамайди» деган сўзлар билан ифодаланган.
Қадимий дурдона асар китобхонларга ўзбек тилида илк бор тақдим этилмоқда.
Изоҳ (0)