АҚШ Мудофаа вазири Эштон Картер деярли икки ҳафталик чет эл сафарига йўл олади. Сафар доирасида, жумладан, Европа ва Яқин Шарққа ташриф буюради. Бу ҳақда 1 декабрь, пайшанба куни Пентагон матбуот хизмати маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Картернинг турнеси 16 декабрь куни якунланади. Бу вақт ичида ҳарбий бошқарма раҳбари Япония, Ҳиндистон, Баҳрайн, Исроил, Италия ва Буюк Британияга ташриф буюради.
Пентагоннинг маълум қилишича, Картер Токиодаги учрашувда Америка—Япония альянсининг узоқ муддатли мустаҳкамлигига урғу беради. Картер Ҳиндистонга ташрифи мудофаа, хавфсизлик ва ҳарбий-техник ҳамкорликни кенгайтириш соҳасидаги икки томонлама алоқалар ривожининг ҳозирги суръатларини сақлаб қолиш имконини беришига умид қилмоқда.
Манамада вазир хавфсизлик масалалари бўйича халқаро конференцияда чиқиш қилади. Исроилда эса бешинчи авлод F-35 қирувчи самолётларининг илк етказиб берилиши тантанали маросимида иштирок этади.
Италияда Картер у ерда жойлаштирилган АҚШ қўшинлари олдида чиқиш қилади. Ва ниҳоят, Лондонда Картер ва унинг британиялик ҳамкасби Майкл Фэллон ИШИД террорчилик гуруҳига қарши кураш олиб бораётган бир қатор давлатлар вазирлари мажлисига ҳамраислик қилади.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.