Россия мудофаа вазирлиги Украинанинг Қримдаги ҳарбий машғулотлари чоғида жавоб чоралари ҳақида билдиришнома жойлади, деб ёзади Meduza. NОТАМ талабномаси АҚШ Фуқаролик авиацияси бошқармаси тизимида A3064/16 рақами остида пайдо бўлди.
Билдиришнома матнида айтилишича, 1—2 декабрга белгиланган ҳарбий машғулотлар доирасида Симферополь ва Одесса парвоз ахбороти ҳудудида аниқланган ракеталар Россиянинг ҳаво ҳужумига қарши тизимлари томонидан уриб туширилади.
«Агар учирилган ракеталар ушбу ҳудудда (қуруқликда, денгизда ёки ҳаво маконида) Россия объектлари учун хавф туғдирса, парвоз қурилмаларини йўқ қилиш учун жавоб зарбаси берилади», — дейилади билдиришномада.
Билдиришноманинг амал қилиш вақти — 1 декабрь, пайшанба куни Москва вақти билан 12:30 дан 14:30 гача (Тошкент вақти билан 14:30 дан 16:30 гача).
Бундан ташқари, Украина ракеталари хавф туғдирган ҳолда, уларни уриб туширишга тайёрлик ҳақида Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам маълум қилган.
25 ноябрь куни Украина Қора денгиз акваторияси устида ракета учириши ҳақида эълон қилди. Киев парвозлар учун Россия ҳаво ҳудудига кирувчи чеклов зонасини белгилади. Шу билан бирга, Украинадагилар Қримнинг Керч бўғозигача бўлган бутун ҳаво ҳудуди ўзларига тегишли деб ҳисоблашини таъкидлади.
Изоҳ (0)