Қуёш ёруғлиги ва тафти борган сари камайиб бормоқда. Йилнинг совуқ фаслларида вақтимизнинг кўпроқ қисмини уйда ўтказишга уринамиз. Шундай экан, уйда ўтказаётган вақтимизга янада шинамлик бахш этиш учун хонадонимиз интерьерига бироз иссиқлик қўшиш фойдадан холи бўлмайди.
Ёз ойларида қўшимча газмоллардан (парда, адёл) фойдаланмасак ҳам, совуқ тушиши билан бу одатга бироз ўзгартириш киритишга тўғри келади. Масалан, ёзги пардаларни қалинроғига алмаштиришимиз мумкин.
Ёз фаслида тушлик столига сервировка сочиқларининг ўзи кифоя бўлса, совуқ об-ҳавода иссиқ рангларга эга дастурхон янада шинамлик бағишлайди.
Чойшабларни ҳам очиқ ранглардан тўқроқ рангларга алмаштириш ётоқхонага кузги кайфият беради. Бунда табиий матоларга кўпроқ эътибор қаратинг: жун ёки пахта ёпинчиқлар сунъий толали матоларга қараганда анча ёқимлироқдир.
Интерьердаги гилам бир вақтнинг ўзида икки — совуқ полни бекитиш ва безак бериш (хонани жонлантириш) вазифасини бажаради. Ётоқхона учун сунъий ёки табиий мўйнадан фойдаланиш мумкин бўлса, меҳмонхона учун ўртача патли гиламлар мос келади.
Шинамлик ва иссиқлик ҳисси хонанинг ёруғлигига ҳам боғлиқ. Торшерлар, жуда ёруғ бўлмаган стол лампалари куз учун ажойиб ечим бўла олади. Бунда шамлар ҳам қўл келади. Тонгда туришга қийналиш билан боғлиқ муаммони ёрқин ёруғлик берувчи махсус мобил дастур ҳам ҳал эта олади.
Юқоридаги тавсияларга яна нималарни қўшимча қила оламиз? Қуритилган барглар ёки гуллар солиб қўйилган рангли ойнали кўзачалар, хушбўй ҳид тарқатувчи шамлар, сурат учун ромлар (қўлда ишланган бўлса янада яхши) ҳам хонадонингизга илиқлик бағишлай олади.
Уйингизда ўзига хос, ёқимли ва илиқ муҳит яратинг, шунда унда ўтказган ҳар бир кунингиз кўз илғамас сеҳр билан тўлиб-тошади.
Изоҳ (0)