Ўзбекистон Республикаси президентлигига Ўзбекистон ХДПдан кўрсатилган номзод Ҳотамжон Кетмоновнинг Жиззах вилоятидаги сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди. «Жиззах» махсус индустриал зонаси маъмурий биноси конференциялар залида бўлиб ўтган учрашув бир вақтнинг ўзида вилоятнинг барча туманларидаги сайловчилар билан видео-конференция шаклида ташкил этилди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар бермоқда.
Тадбирни халқ депутатлари Жиззах вилоят кенгаши депутати, Жиззах тумани транспорт ва саноат касб-ҳунар коллежи директори Қурақбой Эргашев очди ва олиб борди. Номзоднинг ишончли вакили Носир Сиддиқов сўз олиб, Ҳотамжон Кетмоновнинг таржимаи ҳоли билан йиғилганларни таништирди. Шундан сўнг сўз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодга берилди.
Номзод ўз дастурида илгари сураётган бюджет маблағлари, айниқса, ижтимоий соҳага йўналтириладиган маблағларнинг мақсадли равишда сарфланиши устидан қатъий назоратни кучайтириш, давлатнинг ўсиб бораётган иқтисодий имкониятларидан аҳолининг барча қатламлари, энг аввало, кам таъминланган қатламининг турмуш даражасини яхшилашда фойдаланиш, замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш асосида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқарилаётган товарлар ва хизматлар сифатини ошириш, таннархини пасайтириш, уларнинг экспорт имкониятларини кенгайтирувчи ва аҳолининг харид қобилиятини оширишга хизмат қилувчи рақобат муҳитини шакллантириш масалаларига эътиборни кучайтириш ҳақида тўхталди.
Шунингдек, тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилиш орқали замонавий техника ва технологияларга асосланган ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Маъруза юзасидан бир қатор иштирокчилар сўзга чиқдилар. Улар ўз чиқишларида номзод дастурида илгари сурилаётган давлат мулкини хусусийлаштиришдан олинадиган маблағларнинг бир қисмини турар-жой фондини шакллантиришга йўналтириш механизмини такомиллаштириш, ижтимоий объектларда ногиронларга махсус кириш йўлаги — пандуслар ҳамда уларга мослаштирилган пиёдалар йўлакчалари бўлишини таъминлаш, мавжуд барча бино ва иншоотларни ногиронлар кира олиши нуқтаи назаридан хатловдан ўтказиш, йўлакчаларни ногиронларга мослаш бўйича махсус давлат дастурини қабул қилиш масалаларини қўллаб-қувватлади.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.