Сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган тушунтириш тадбирларида «оилавий» овоз бериш ҳолларининг, яъни бир сайловчи бир нечта сайловчи учун овоз бериши ҳолларининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси ЎзА миллий ахборот агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
«Бу мавзуда 100 мингдан ортиқ ташвиқот плакати тайёрланди, уларни одамлар кўп тўпланадиган жойларга жойлаштириш давом эттирилмоқда», – деб таъкидлади раис.
Хусусан, МСК раисининг сўзларига қараганда миллий сайлов амалиёти тарихида илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш чоғида сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини янада оширишга қаратилган тадбирлар дастури қабул қилинди.
Дастурда аҳолининг барча қатламларини, жумладан хотин-қизларни, ёшларни, фахрийларни, имкониятлари чекланган шахсларни, ҳарбийларни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, ўқув юртлари вакилларини, шунингдек чет элдаги ўзбекистонликларни қамраб олишга қаратилган.
«Камолот» ЁИҲ, Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Республика байналмилал маданият маркази томонидан давлат органлари билан яқин ҳамкорликда фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ва сайлов фаоллигини янада оширишга қаратилган «Менинг овозим – мамлакатимнинг келажагидир», «Ўзим овоз бераман», «Бизнинг оиламизда ҳар ким ўз овозига эга», «Биз сайлаш ҳуқуқига эгамиз», «Сайловчилар рўйхатида ўзингни топ», «Жипс оилада» акциялари ўтказилмоқда.
Тушунтириш ишлари давра суҳбати, семинарлар, учрашувлар, тўғридан-тўғри мулоқотлар, конференциялар ва тренинглар, шунингдек оммавий ахборот воситаларида мақолалар, турли рисолалар, флаерлар ва бошқа тарқатма материаллар тайёрлаш орқали ҳам ўтказилмоқда.