Фундаментал ва экспериментал физика масалаларига бағишланган халқаро симпозиумнинг иккинчи куни Улуғбек шаҳарчасида, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети физика факультетида давом этди. Бу ҳақда «Дарё»га тадбир мутасаддилари маълум қилди.
Куннинг биринчи ярмидаги пленар йиғилишни австралиялик профессор А. Брай кириш сўзи билан очиб берди. Дастлаб сўзга чиққан маърузачи — россиялик физик олим Е. Кузнецов Колмогоров турбулентлиги мавзусида сўз юритди. У ўз маърузасини назарий жиҳатдан асослаб, бу борада ўтказилган тажрибалар натижаларига мурожаат қилди. Унинг хитойлик ҳамкасби, ХХР Фанлар академияси профессори Ю Лу маърузаси аввалида мазкур халқаро симпозиумда иштирок этиш таклифини олгач, тақдимоти мавзуси устида кўп ўйланганини тан олди. Мавзуга қизиқарлилик ва фойдалилик мезонлари асосида ёндашган олим метафизика масалаларига тўхталишга қарор қилди.
— Бугун физикага қизиқаётган ва бу борада муайян ютуқларга эришаётган ёшларнинг кўплиги қувонарли ҳол. Ёшларнинг бу қизиқишларини рағбатлантирувчи ва қўллаб-қувватловчи шароитнинг мавжудлиги катта ютуқ. Ўзбекистонда ҳам ёшлар учун ҳам бу борада жуда кенг имкониятлар яратилганлигининг гувоҳи бўлиб турибман. Ўзбек ёшларининг илм соҳасидаги ютуқлари ҳақида ҳали кўп эшитишимга ишонаман, — дея таъкидлади Ю Лу.
Пленар йиғилишдаги кейинги маърузачи — профессор Бобомурод Аҳмедов ўзбек астрофизик олимларининг жаҳон олимлари билан ҳамкорлиги натижалари, ЎзМУ физика факультети талабаларининг фан доирасида қўлга киритган ютуқлари ҳақида гапириб ўтди.