Эрон миллий терма жамоасининг «Ростов»да тўп сураётган ҳужумчиси Сардор Азмун Англиянинг «Ливерпуль» клуби қизиқишлари доирасида, деб ёзди «Чемпионат» The Guardian нашрига таяниб. Инглизлар харидни қишки трансфер бозоридаёқ амалга оширишни режалаштириб қўйган.
Манбада келтирилишича, Азмуннинг Европа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида намойиш этаётган ўйинлари «Ливерпуль» скаутларини ўзига жалб қилди. У ўтказилган 4 та беллашувда 1 та гол уриб, 1 та голли узатмани амалга оширганди.
Маълумот учун, «Ростов» «D» гуруҳида «Атлетико», «Бавария» ҳамда «ПСВ» клублари билан кураш олиб бораётган бўлиб, 4-турдан кейин 1 очко билан сўнгги ўринни эгаллаб турибди. Азмун «Атлетико»га қарши Мадридда бўлиб ўтган ўйинда ўз ҳисобига гол ёзиб қўйганди.
Бундан ташқари форс футболчиси жорий мавсум ҳисобидан Россия Премьер-Лигасида 11 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол уришга муваффақ бўлган.
Бироз аввалроқ ФИФА Сардор Азмунни миллий терма жамоа миқёсидаги 1 та ўйиндан четлатганди.
Изоҳ (0)