Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ташаббуси билан «Сайлов жараёнида ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш: Ўзбекистон тажрибаси» мавзусида семинар ташкил этилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда Қонунчилик палатасининг депутатлари, олимлар, ахборот соҳаси ва сайлов жараёнлари экспертлари, журналистлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирок этди. Унда мамлакатнинг истиқлол йилларида сайлов жараёнларини демократлаштириш, чинакам сўз ва ахборот эркинлиги, сиёсий плюрализм ҳамда фикрлар хилма-хиллиги тамойилларини таъминлаш учун ҳуқуқий ва ташкилий-техник шароитлар яратиш, сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда ОАВнинг фаоллигини ошириш борасида эришган ютуқлари муҳокама қилинди.
Семинарда ОАВ демократик жараёнларнинг субъекти ҳисобланиб, сайловларни тайёрлаш ҳамда ўтказиш даврида ўзига хос муҳим сиёсий роль ўйнаши таъкидлаб ўтилди. Улар сайловчиларни хабардор қилиш, сайловолди ташвиқоти воситаси ва жамоатчилик назоратининг муҳим шакли бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун ҳам сайловларни ўтказиш даврида муҳим маърифий ва коммуникацион роль ўйновчи миллий масс-медианинг мустақиллик йилларида жадал ривожланганлиги эътироф этилди. Бугунги кунда ОАВнинг сони босма, телерадиостудиялар, ахборот агентликлари билан биргаликда 1463 тага етди, интернет-нашрлар сони эса 380 тадан ортиқни ташкил этмоқда, шунингдек, ушбу веб-сайтлар нафақат ўзбек ва рус тилларида, балки дунёнинг етти тилларидаги версияларга эга.
Семинар давомида сайлов жараёнини ишончли ва ҳаққоний ёритишда журналистларнинг касб маҳорати, электрон ОАВ орқали сайлов жараёнидан аҳоли хабардорлигини таъминлашнинг амалий жиҳатлари, шунингдек, сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш мавзуларига бағишланган маърузалар тингланди.
Семинар иштирокчилари томонидан замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашнинг муҳим воситаларидан бири эканлиги таъкидлаб ўтилди. Бугунги кунда «.uz» зонаси доирасидаги фаол домен номлари сони 29,7 мингдан ортиқни ташкил этмоқда. Интернет тармоғидаги миллий веб-сайтлардан ҳар ойлик фойдаланувчилар сони ўртача 27,7 миллион кишини ташкил этиб, уларнинг 54 фоиздан ортиғи мобил қурилмалар орқали фойдаланувчилар ҳисобланади.
Тадбир давомида иштирокчилар сайлов жараёнларида ОАВ фаолияти самарадорлигини ошириш, Ўзбекистон Президентлигига номзодлар фаолияти тўғрисида фуқароларни хабардор қилишнинг энг сўнгги технологиялари билан танишди. Шунингдек, етакчи миллий оммавий ахборот воситаларининг сиёсий партиялар ва сайлов комиссиялари билан журналист фаолиятини ташкил этиш борасида самарали ва фойдали тажрибалари билан танишиш имкони яратилди.
Семинар якунида фуқароларни ишончли ахборотлар билан таъминлаш борасида журналистлар ва сайлов жараёни субъектлари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, мамлакатда Ўзбекистон Президентлигига ўтказиладиган сайловларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди.
Изоҳ (0)