Жанубий Кореянинг Ажу Университетида Ajou International Day – 2016 («Халқаро Миллатлар куни – 2016») танлови бўлиб ўтди, унда Ўзбекистон номини ҳимоя қилган жамоа асосий совринни қўлга киритди. Бу ҳақда ЖИДУ талабаларига таяниб, ЖИДУ талабалари Мухлиса Худайберганова ва Элдор Воҳидов хабар берди.
Тошкент шаҳридаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг алмашинув дастури билан Ажу университетида таълим олаётган талабалари Ajou International Day халқаро фестивалида фаол иштирок этиб, танлов совриндорларига айланди.
Дунёнинг 40 дан зиёд давлатидан ташриф буюрган талабалар иштирок этган ушбу танлов икки қисмдан ташкил топди. Энг яхши миллий таомлар ва энг яхши декорацияга бағишланган биринчи қисмда ўзбекистонлик иштирокчилар шартли равишда биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллади.
Миллий куй-қўшиқлар ва рақс намуналари намойиш этилган иккинчи қисмда ЖИДУ талабаларининг кўргазмали чиқиши мухлисларда катта таассурот қолдирди. Танлов якунида Ажу мутахассислари ҳамда томошабинлар бир овоз билан Ўзбекистон жамоасини ғолиб деб эълон қилди.
Изоҳ (0)