Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири, давлат ва жамоат арбоби, мамлакат мадҳияси муаллифи Абдулла Ориповнинг вафоти муносабати билан баёнот берди. Баёнот матни ТИВ сайтида келтирилди.
«Маҳаллий вақт билан 2016 йил 5 ноябрга ўтар кечаси Хьюстон шаҳридаги (АҚШ, Техас штати) касалхонада Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси матни муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов оғир касалликдан сўнг 75 ёшида вафот этди», — дейилади баёнотда.
Ташқи ишлар вазирлиги марҳумнинг оиласи ва яқинларига самимий ҳамдардлик изҳор этди.
«Марҳумнинг жасадини Ўзбекистонга олиб келишга ва ўз ватанида дафн қилишга қарор қилган Абдулла Ориповнинг оила аъзоларига ёрдам бериш учун Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги Элчихонасига консуллик ва бошқа масалаларни зудлик билан ҳал қилиш учун барча зарур чораларни кўриш тўғрисида кўрсатма берилди», — деб таъкидланади хабарда.
Абдулла Орипов 5 ноябрь тонгги соатларда Хьюстондаги шифохонада ҳаётдан кўз юмди. У 3 ноябрь куни кечқурун кома ҳолатига тушиб қолган эди.
Изоҳ (0)